Ўзбекча
Навоий вилояти
адлия бошқармаси
расмий веб сайти
Телефон:
(0 436) 223-01-38

Янгиликлар

Адлия ахбороти: эндиликда қалинлиги 40 микрондан кам бўлган полимер плёнкали пакетлар ишлаб чиқарилади

Сана: 25.05.2018     Муаллиф:  Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш ва бунда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида 2018 йилнинг 25 май куни “Адлия ахбороти” номли брифинг ташкил этилди.

Унда ушбу ҳафта давомида қабул қилинган бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган 14 та қонун ҳужжатлари, уларнинг мазмун моҳияти ҳақида ОАВ вакилларига батафсил маълумотлар берилди. Бундан ташқари, иштирокчилар Адлия вазирлиги ташаббуси билан иш бошлаган ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Биз биргамиз” номли ижтимоий лойиҳаси билан таништирилди.

Брифингдан сўнг ОАВ ва тадбир иштирокчилари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Анжуманда  Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2018 йил 14 майида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бўйича Мудофаа вазирлиги масъул вакили ҳужжатнинг муҳим жиҳатлари ҳақида батафсил тўхталди. Хусусан, мазкур қарор билан:

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Қуролли кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг хизматдаги офицерлари, шартнома бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарлар таркиби фарзандлари учун:

республика олий таълим муассасаларига умумий белгиланган қабул кўрсаткичлари квотасидан ташқари, ҳарбий олий таълим муассасаларига эса курсантларнинг умумий қабул сонидан 5 фоизли давлат гранти асосида қабул квотаси ажратилади.

Квота асосида кириш ҳамда давлат гранти асосида таълим олиш ҳуқуқига тегишли вазирлик ва идораларнинг тавсияномаларига эга бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари эга бўладилар.

Бундан ташқари, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб ҳарбий хизматни ўташда ҳалок бўлган, шунингдек ҳарбий хизматни ўташда ярадор бўлган, контузия, шикаст олиш натижасида ногирон бўлиб қолган ёки касалликларга дучор бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига давлат гранти асосида танловсиз қабул қилинади.

Шунингдек вазирлик ва идораларга 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, олдин тўлов-шартнома асосида олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига тўлов-шартнома асосида ўқишга кирган, ҳарбий хизматни ўташда ҳалок бўлган офицерлар, шартнома бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарларнинг фарзандлари учун шартнома пулини тўлаб беришга рухсат берилди.

Бундан ташқари, матбуот анжуманида иштирок этган Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вакили босма ва электрон ОАВ журналистларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 майида қабул қилинган Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг мазмун моҳияти ҳақида тушунтириш берди.

Қарорга мувофиқ 2018 йил 1 августдан:

маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш фаолиятини амалга ошириш учун ҳудудлар тадбиркорлик субъектларига давлат-хусусий шериклик асосида бириктириб берилади;

ҳудудларни тадбиркорлик субъектларига бириктириб бериш электрон аукцион йўли билан “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилади;

жисмоний шахсларга маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари оммавий шартномалар асосида кўрсатилади.

Ҳудудларни тадбиркорлик субъектларига бириктириб бериш бўйича танлов ўтказилмаган деб топилган ҳолларда, тегишли ҳудудлар “Тоза ҳудуд” ДУК ёки “Махсустранс” ДУКга бириктириб берилади.

2019 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар тақиқланади:

полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг нархини товарлар нархига қўшиш, ўз таннархидан паст нархларда сотиш;

қалинлиги 40 микрондан кам бўлган полимер плёнкали пакетларни ишлаб чиқариш назарда тутилмоқда.

Тадбирда иштирок этганлар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан жавоблар олишди.

Эслатиб утамиз, юқорида қайд этилган қонун ҳужжатларининг тўлиқ матни билан, “Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси – www.lex.uz сайти орқали ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами” расмий нашри орқали танишиш мумкин.

 




Фотосуратлар
Видеолавҳалар
Lex.uz дан излаш


Фойдали манбалар

Orphus hatolitlarni tekshirish tizimi