Ўзбекча
Навоий вилояти
адлия бошқармаси
расмий веб сайти
Телефон:
Ишонч телефони:
(0 436) 223-01-38
(0 436) 223-16-47
(0 436) 223-47-20

Янгиликлар

Юридик таълим: ислоҳотлар ва натижалар

Сана: 13.09.2017     Муаллиф:  Адлия вазирлиги Ахборот хизмати

Жорий йилнинг 12 сентябрь куни Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Миллий матбуот марказида матбуот анжумани ўтказилди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда Тошкент давлат юридик университетининг мутасадди ходимлари иштирок этишди.

Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад 2017/2018 ўқув йили учун қабул комиссияси фаолияти ҳамда қабул натижалари, шунингдек қабул комиссияси фаолиятидаги янгиликлар бўйича оммавий ахборот воситаларига маълумот беришдан иборатдир.

Матбуот анжуманини Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари – Тошкент давлат юридик университети ректори Е.Каньязов кириш сўзи билан очиб берди.

Е.Каньязов ўз чиқишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 майдаги “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги ПҚ–2955-сон қарорига мувофиқ амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Хусусан, Тошкент давлат юридик университетига 2017/2018 ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишига умумий 600 нафар (давлат гранти асосида 20 та, тўлов-контракт асосида 580 та) квота ажратилди.

Тиллар кесимида эса 200 та рус ва 400 та ўзбек тили бўйича квота белгиланган, шундан рус тили доирасида 5 та давлат гранти ва 195 та тўлов-контракт, ўзбек тили доирасида 15 та давлат гранти ва 385 та тўлов-контракт квотаси белгиланди.

Магистратура мутахассисликларига эса умумий 120 та ўрин ажратилди, шундан давлат гранти асосида квоталар ажратилмади, тўлов-контракт асосида 120 та квота ажратилди. Тиллар кесимида эса 44 та рус ва 76 та ўзбек тили бўйича квота белгиланди. Магистратура йўналиши бўйича ҳужжатларни қабул қилиш 2017 йил 1 июль – 30 июль кунлари ўтказилди.

Шунингдек, тадбирда таъкидланганидек, жорий йилдан бошлаб янгилик сифатида абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш 15 июнь – 15 июль кунлари амалга оширилди. Бу борада абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда жараённи юқори савияда ташкил этиш мақсадида қабул комиссияси университетнинг 3-ўқув биносида ўз фаолиятини амалга оширди.

Ҳисоб-китобларга кўра, Тошкент давлат юридик университети қабул комиссияси томонидан бакалавриат таълим йўналишига жами 6132 нафар (5178 нафар ўзбек тили бўйича, 954 нафар рус тили бўйича) абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинди.

Умумий танлов бир ўринга 10,2 нафар (ўзбек гуруҳларга бир ўринга 12,9 нафар, рус гуруҳларига бир ўринга 4,8 нафар)ни ташкил этди. Шундан 518 нафарини (480 нафар ўзбек, 38 нафар рус тили) ҳарбий имтиёзга эга абитуриентлар ташкил этади. Ҳужжат топширган абитуриентлардан 3 нафари фан олимпиадаси ғолиби, 2 нафари кўзи ожиз, 3 нафари чет тили сифатида испан, хитой ва япон тилидан имтиҳон топширувчи абитуриент ҳисобланади. Улар иштирокида ижодий (касбий) имтиҳонлар 21 июль куни ўтказилди.

Тошкент давлат юридик университети бакалавриатига чет эл фуқароларини ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом ишлаб чиқилди ва мазкур низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 июндаги 347-сон қарорига мувофиқ тасдиқланди. Янги киритилган ўзгартиришларга биноан университет бакалавриат таълим йўналишига чет эл фуқароларини ўқишга қабул қилиш бўйича соддалаштирилган тизим жорий қилинди, унга кўра чет эл фуқаролари тест имтиҳонларини топширмаган ҳолда, уларни фақатгина суҳбат натижасига кўра ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланди. Жами қабул қилинган  чет эл фуқаролари сони 11 нафарни ташкил этди. Улардан  Россия Федерациясининг – 4 нафар, Қозоғистон Республикасининг – 3 нафар, Туркманистон, Корея, Хитой Халқ Республикалари ҳамда Япониянинг – 1 нафардан фуқаролари талаба сифатида қабул қилинди. 

Матбуот анжумани сўнггида савол-жавоб ва музокаралар учун вақт ажратилди. Тадбир иштирокчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга  анжуман ташкилотчиларидан жавоб олдилар.

 




Фотосуратлар
Видеолавҳалар
Lex.uz дан излаш


Фойдали манбалар

Orphus hatolitlarni tekshirish tizimi